Касаба уюшмаларининг халқаро ҳамкорлиги энергетика тармоқлари ва ишбилармонлик туризми ривожига қандай ҳисса қўшмоқда?
Иссиқкўл деганда, аввало, ёзги ҳордиқ, мусаффо тоғ ҳавоси ва бетакрор табиат кўз олдимизга келади. Аммо 2026-йил 3–9-август кунлари бу гўзал маскан Ўзбекистон ва Қирғизистон энергетика тармоқлари касаба уюшмалари вакиллари учун тажриба алмашиш, долзарб масалаларни муҳокама қилиш ва ўзаро дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлаш майдонига айланди.
Бир неча кун давом этган дастур учрашувлар, касбий мулоқотлар, маданий саёҳатлар ҳамда спорт мусобақаларини ўзида уйғунлаштирди. Ҳар бир кун ўз мазмуни ва таассуротлари билан ёдда қолди. Долзарб масалалар юзасидан фикр алмашиш Иссиқкўлнинг диққатга сазовор масканларига саёҳатлар, экскурсиялар ва самимий суҳбатлар билан ҳамоҳанг кечди.
Тадбирлар Ўзбекистон энергетика, нефт-газ ва геология ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши ҳамда Қирғизистон Республикаси энергетика ва электротехника саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика қўмитаси ҳамкорлигида ташкил этилди.
Учрашув Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги алоқалар, айниқса, энергетика тармоқларидаги ҳамкорлик тобора кенгайиб бораётган бир пайтда бўлиб ўтди. Икки мамлакат энергетика тизимлари ўзаро чамбарчас боғланган. Бугунги кунда томонлар тажриба алмашиш билан бирга, бутун минтақанинг барқарор тараққиёти учун муҳим бўлган қўшма лойиҳаларни ҳам изчил илгари сурмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистон Республикасига давлат ташрифи 2026-йил 1-август куни бўлиб ўтди. Ташриф доирасидаги музокараларда сув-энергетика соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Минтақа учун муҳим бўлган йирик лойиҳалар қаторида Қамбарота-1 ГЕС қурилишини жадаллаштириш масаласи ҳам муҳокама марказида бўлди.
Шу жиҳатдан, икки мамлакат тармоқ касаба уюшмалари ўртасидаги ҳамкорлик давлатлараро ва тармоқлараро алоқаларнинг табиий давомидир. Зеро, йирик энергетика лойиҳалари фақат инвестиция, замонавий техника ёки янги қувватлар билан чекланмайди. Уларнинг ортида инсон — унинг касбий малакаси, меҳнат хавфсизлиги, муносиб иш шароити ва ижтимоий ҳимояси туради.
Кўп кунлик дастур “Бўстон Ресорт” пансионатида ўтказилди. Унинг асосий тадбирларидан бири халқаро семинар бўлди. Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан бунёд этилган ушбу замонавий мажмуа бугун нафақат дам олиш ва соғломлаштириш маскани, балки халқаро анжуманлар, конференциялар, семинарлар ва ўқув тадбирларини ўтказиш учун ҳам барча зарур шароитларга эга.
Семинарда икки мамлакат касаба уюшмалари ташкилотларининг раҳбар ва мутахассислари, ҳуқуқий ҳамда техник меҳнат инспекторлари, корхоналар вакиллари ва касаба уюшмалари фаоллари иштирок этди.
Мулоқотларда ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ижтимоий шерикликни ривожлантириш, меҳнат қонунчилиги бузилишининг олдини олиш, мурожаатлар билан ишлаш самарадорлигини ошириш каби масалалар атрофлича муҳокама қилинди. Меҳнатни муҳофаза қилиш, корхоналарда хавфсизлик маданиятини шакллантириш ва меҳнат шароитлари устидан жамоатчилик назоратини кучайтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Касаба уюшмалари фаолиятини рақамлаштириш мавзуси ҳам катта қизиқиш уйғотди. Ходимлар мурожаатлари билан ишлаш, жамоа шартномалари ижросини назорат қилиш, ахборот алмашиш ҳамда касаба уюшмаси аъзолари ҳисобини юритишда замонавий технологиялардан фойдаланиш имкониятлари кўриб чиқилди.
Сунъий интеллектнинг меҳнат бозорига таъсири, мутахассислар малакасига қўйилаётган янги талаблар ҳамда энергетика тармоқларида хотин-қизлар бандлигининг истиқболлари ҳам эътибордан четда қолмади. Технологик тараққиёт янги имкониятлар очиши билан бирга, ходимлардан ўз билим ва касбий кўникмаларини мунтазам ошириб боришни ҳам талаб этиши таъкидланди. Бундай шароитда касаба уюшмалари ўзгаришларни шунчаки кузатиб турувчи эмас, балки ходимларни янги меҳнат шароитларига тайёрлаш ва уларнинг манфаатларини ишончли ҳимоя қилишда фаол қатнашувчи куч бўлиши лозим.
Муҳокамалар очиқ ва амалий руҳда кечди. Икки мамлакат вакиллари тажриба алмашиб, турли ёндашувларни муҳокама қилдилар, самарали усуллар ҳақида фикр билдирдилар ҳамда келгусидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишларини белгилаб олдилар. Энергетика тармоқлари ходимлари дуч келаётган кўплаб масалалар бир-бирига ўхшаш. Шу боис уларнинг ечимини биргаликда излаш алоҳида аҳамиятга эга.
Касбий мулоқот маданий дастур билан уйғун давом этди. Иштирокчилар учун Иссиқкўл бўйлаб саёҳатлар ташкил этилиб, улар ҳудуднинг табиий, тарихий ва маданий диққатга сазовор масканлари билан яқиндан танишдилар. Меҳмонлар қирғиз халқининг урф-одатлари, миллий қадриятлари, бой маданияти ва ҳудуднинг сайёҳлик имкониятлари ҳақида янада кенгроқ тасаввурга эга бўлдилар.
Бу саёҳатлар нафақат ҳордиқ чиқариш ва ҳудуд билан танишиш, балки ўзаро мулоқотни давом эттириш учун ҳам яхши имконият яратди. Конференция залидан ташқарида ҳам суҳбатлар давом этди, янги алоқалар ўрнатилди, ўзаро ишонч ва дўстлик ришталари янада мустаҳкамланди. Кўпинча айнан шундай эркин ва самимий муҳитда кейинчалик муҳим қўшма ташаббусларга айланиши мумкин бўлган янги фикр ва ғоялар туғилади.
Спорт тадбирлари дастурга алоҳида кўтаринки руҳ бағишлади. Шахмат ва шашка мусобақалари билан бир қаторда Ўзбекистон ва Қирғизистон тармоқ касаба уюшмалари жамоалари ўртасида ўртоқлик футбол учрашуви ҳам бўлиб ўтди. Бундай учрашувлар тобора мунтазам тус олаётгани икки мамлакат касаба уюшмаси ўртасидаги дўстона ҳамкорликнинг яхши анъанасига айланиб бормоқда.
Бу галги футбол учрашуви ҳам ўзига хос аҳамият касб этди. Майдонда жамоавий руҳ, ўзаро қўллаб-қувватлаш ва ғалабага интилиш яққол намоён бўлди. Майдон ташқарисида эса дўстлик ва ҳамкасблик ришталари янада мустаҳкамланди. Учрашув қизғин ва ҳаяжонли кечди, бироқ унинг энг муҳим натижаси ҳисоб тахтасидаги рақамларда эмас эди. Натижа қандай бўлишидан қатъи назар, майдонда дўстлик ғалаба қозонди.
Учрашувлар, касбий муҳокамалар, маданий саёҳатлар ва спорт тадбирларини бир дастурда уйғунлаштирган бундай шакл МИCЕ-туризмнинг ёрқин намунасидир. Бу замонавий туризм йўналиши конференция, семинар ва тренингларни ишбилармонлик мулоқоти, маданий дастур ҳамда мезбон ҳудуд билан яқиндан танишиш имконияти билан бирлаштиради.
Шу жиҳатдан “Бўстон Ресорт” пансионатининг имкониятлари алоҳида эътиборга лойиқ. Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан бунёд этилган мазкур мажмуада нафақат ёзда, балки йилнинг бошқа фаслларида ҳам семинарлар, конференциялар, тренинглар ва халқаро учрашувларни ташкил этиш мумкин.
Бу эса пансионатнинг фақат ёзги мавсумга боғланиб қолмасдан, ундан йил давомида самарали фойдаланиш имконини беради. Мавжуд инфратузилманинг имкониятлари янада тўлиқ ишга солинади. Шу билан бирга, меҳмонхона, транспорт, экскурсия, умумий овқатланиш ва бошқа хизматларга бўлган талаб ҳам ортади.
Энг муҳими, пансионатнинг асосий ижтимоий вазифаси — одамларнинг дам олиши ва соғломлаштирилиши, билим ва малакасини ошириши, касбий ривожланишига хизмат қилиш — ўз аҳамиятини сақлаб қолади. Ишбилармонлик туризмини ривожлантириш касаба уюшмаларининг ижтимоий вазифаларини улар тасарруфидаги обектлардан оқилона ва самарали фойдаланиш билан уйғунлаштириш имконини беради.
Ушбу учрашувлар турли йўналишдаги тадбирларни бир дастур доирасида уйғун ташкил этиш қанчалик самарали бўлиши мумкинлигини кўрсатди. Иштирокчилар янги билим ва таассуротларга эга бўлдилар, ҳамкасблар тажрибаси билан танишдилар, Иссиқкўлнинг гўзал масканларини кўрдилар ва ўзаро дўстлик ришталарини янада мустаҳкамладилар.
Иссиқкўл соҳилидаги касаба уюшмалари мулоқоти яна бир бор шуни кўрсатдики, халқаро ҳамкорлик ходимлар манфаатлари ҳимоясини кучайтиришга, икки мамлакат энергетика тармоқлари ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга ҳамда йил давомида ишбилармонлик туризмини ривожлантириш учун янги имкониятлар яратишга хизмат қилади.
Собиржон ЭГАМБЕРДИЕВ,
Ўзбекистон энергетика, нефт-газ ва геология ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши раисининг халқаро масалалар бўйича маслаҳатчиси


Spelling error report
The following text will be sent to our editors: