Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

ЎРИНДОШЛИК АСОСИДА ҲАМДА БИР НЕЧА КАСБДА ВА ЛАВОЗИМДА ИШЛАШ ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДАГИ НИЗОМНИ ТАСДИҚЛАШ ҲАҚИДА

(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2012 й., 41-42-сон, 485-модда)

Фуқароларнинг ўриндошлик асосида ҳамда бир неча касбда (лавозимда) ишлашини янада тартибга солиш, шунингдек аҳоли даромадларини кўпайтириш учун шарт-шароитлар яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўриндошлик асосида ҳамда бир неча касбда ва лавозимда ишлаш тартиби тўғрисидаги Низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Белгилансинки:

ўриндошлик асосида ҳамда бир неча касбда ва лавозимда ишлаш тартибига риоя этилиши учун масъулият ўриндошлар ишлайдиган ташкилотларнинг раҳбарлари зиммасига юкланади;

давлат ва хўжалик бошқаруви органларида, шу жумладан ўриндошлик асосида бир вақтнинг ўзида иккита раҳбарлик лавозимини эгаллашга йўл қўйилмайди, қонун ҳужжатларида белгиланган ҳоллар бундан мустасно.

3. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги:

ўриндошлик асосида ҳамда бир неча касбда ва лавозимда ишлаш тартибига риоя этилиши юзасидан қатъий назоратни таъминласин;

оммавий ахборот воситаларида ҳамда меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш ҳудудий органлари орқали ўриндошлик асосида ҳамда бир неча касбда ва лавозимда ишлаш тартиби тўғрисида зарур тушунтириш ишларини ташкил этсин;

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Иқтисодиёт вазирлиги билан келишган ҳолда, меҳнат бозорининг таҳлилини ҳисобга олиб, зарурият бўлганда ўриндошлик асосида ишлаш ҳисобланмайдиган ишлар рўйхатини қайта кўриб чиқиш ҳамда унга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

4. Манфаатдор давлат бошқаруви органлари бюджет ташкилотларининг бир неча касбда (лавозимда) ишлаганлиги, хизмат кўрсатиш доираси кенгайганлиги ёки бажариладиган ишлар ҳажми ортганлиги учун қўшимча ҳақ белгиланиши мумкин бўлган ходимлари касблари (лавозимлари) рўйхатини икки ой муддатда ишлаб чиқсинлар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳамда Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги билан келишган ҳолда тасдиқласинлар.

5. Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги бир ой муддатда:

манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин;

идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р.С. Азимов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. МИРЗИЁЕВ

Тошкент ш.,

2012 йил 18 октябрь,

297-сон

Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 18 октябрдаги 297-сон қарорига
ИЛОВА

Ўриндошлик асосида ҳамда бир неча касбда ва лавозимда ишлаш тартиби тўғрисида

НИЗОМ

I. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом мулкчиликнинг барча шаклларидаги корхоналар, муассасалар, ташкилотларда (кейинги ўринларда ташкилот деб аталади) меҳнат шартномасига (контрактга) (кейинги ўринларда меҳнат шартномаси деб аталади) мувофиқ ўриндошлик асосида ҳамда бир неча касбда ва лавозимда ишловчи жисмоний шахслар — Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, шунингдек хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг меҳнат муносабатларини тартибга солиш қоидаларини белгилайди.

Иш берувчи билан ўриндошлик асосида ишловчи ўртасидаги муносабатлар, ушбу Низомда белгиланган хусусиятлар ҳисобга олинган ҳолда, Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси билан тартибга солинади.

2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

[СПиТ:

1.Меҳнат ҳуқуқи / Асосий иш жойи]

асосий иш жойи — Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 81-моддасига мувофиқ иш берувчи томонидан ходимнинг меҳнат дафтарчаси юритиладиган ташкилот;

[СПиТ:

1.Меҳнат ҳуқуқи / Ўриндошлик асосида ишлаш]

ўриндошлик асосида ишлаш — ходимнинг ўзининг асосий ишини бажаришидан ташқари асосий ишидан бўш вақтида меҳнат шартномаси асосида бошқа ҳақ тўланадиган ишни бажариши.

3. Ушбу Низомга илова қилинаётган рўйхатда кўрсатилган иш турлари ўриндошлик асосидаги ишлар ҳисобланмайди.

4. Қуйидагиларнинг ўриндошлик асосида ишлаши тақиқланади:

ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар;

агар шахснинг асосий иши меҳнатнинг ноқулай шарт-шароитлари билан боғлиқ бўлса, шундай шарт-шароитдаги ишларда ишлаш;

Ўзбекистон Республикаси Президенти Девони ва Вазирлар Маҳкамаси аппарати ходимлари, давлат бошқаруви органлари раҳбарлари, уларнинг ўринбосарлари ва таркибий бўлинмалар бошлиқлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ва аъзолари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно;

вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимлари ва уларнинг ўринбосарлари;

бир-бирига бўйсунувчи ёки бир-бирининг назоратидаги ташкилотларда давлат бошқаруви органлари мутахассислари – соғлиқни сақлашни бошқариш органларида банд бўлган врачлар ва таълимни бошқариш органларида банд бўлган ўқитувчилар бундан мустасно;

қонун ҳужжатларига мувофиқ ўриндошлик асосида ишлаши тақиқланган бошқа шахслар (ходимлар).

5. Ўриндошлик асосида ишлашга, агар ушбу Низомда ўзгача тартиб назарда тутилмаган бўлса, асосий иш жойида (ички ўриндошлик) ёхуд бошқа ташкилотда (ташқи ўриндошлик) ишлашга йўл қўйилади.

Ходимнинг асосий иш жойи ҳисобланган ташкилотда ўриндошлик асосида ишлашга вақтинча бўлмаган ходимнинг ишини бажаришда ёки бўш лавозимдаги ишни бажаришда йўл қўйилади.

6. Ўриндошлик асосида бошқа ташкилотга ишга кираётган шахслар:

паспортни ёхуд унинг ўрнини босадиган ҳужжатни;

меҳнат дафтарчаси ўрнига асосий иш жойидан Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги томонидан тасдиқланадиган шакл бўйича маълумотномани тақдим этиши шарт.

Ўриндошлик асосида ишлаш учун иш берувчининг, асосий иш жойидан касаба уюшмаси қўмитасининг (ходимларнинг бошқа вакиллик органининг) ёки бошқа органнинг розилиги талаб қилинмайди.

Бажарилиши учун фақат қонун ҳужжатларига мувофиқ муайян иш стажига эга бўлган шахслар қўйилиши мумкин бўлган ишга ўриндошлик асосида қабул қилишда асосий иш жойидаги меҳнат дафтарчасининг тасдиқланган нусхаси тақдим этилади.

Махсус билимларни талаб этадиган ўриндошлик асосида ишга қабул қилишда иш берувчи ходимдан маълумоти ёки касб-ҳунар бўйича тайёргарлиги тўғрисидаги дипломни ёхуд бошқа ҳужжатни талаб қилиш ҳуқуқига эга.

7. Ўриндошлик асосида ишлашнинг давомийлиги ходимларнинг ушбу тоифаси учун белгиланган иш вақти нормасининг ярмидан ортиқ бўлиши мумкин эмас. Ходим асосий иш жойидаги меҳнат мажбуриятларини бажаришдан озод бўлган кунларда у ўриндошлик асосида тўлиқ иш кунида ишлаши мумкин.

Агар ташкилотда ўриндошлар учун иш вақти давомийлигининг ҳар кунги ярим нормасига риоя этилиши мумкин бўлмаган тақдирда иш вақтини жамлаб ҳисоблаб юритишга йўл қўйилади. Иш вақти жамлаб ҳисоблаб юритилганда ўриндошлик асосида иш вақтининг умумий давомийлиги ҳисобга олинадиган давр учун ўриндошлик асосидаги лавозим бўйича иш вақти нормасининг ярмидан ортиқ бўлмаслиги керак. Бунда ҳисобга олинадиган давр бир ойдан ортиқ бўлмаслиги, кунлик ишнинг давомийлиги эса — ўн икки соатдан ортиқ бўлмаслиги керак.

8. Ходим билан ўриндошлик асосида ишлаш учун тузиладиган меҳнат шартномасида Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексида белгиланган талаблар билан биргаликда иш вақтининг давомийлиги мажбурий тартибда кўрсатилади.

9. Ходимнинг ёзма аризасига кўра, ўриндошлик асосидаги иш жойидан берилган маълумотнома асосида иш берувчи томонидан ходимнинг асосий иш жойидаги меҳнат дафтарчасига иш даври кўрсатилган ҳолда ўриндошлик асосидаги иш тўғрисидаги ёзув киритилади. Ўриндошлик асосидаги иш жойидан бериладиган маълумотнома шакли Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги томонидан тасдиқланади.

Ўриндошлик асосидаги иш жойидан берилган маълумотнома асосий иш жойида сақланади.

10. Агар ходимнинг илтимосига кўра унинг меҳнат дафтарчасига ўриндошлик асосидаги иш тўғрисидаги маълумотлар киритилган бўлса, у ҳолда ўриндошлик асосидаги иш жойидан берилган меҳнат шартномаси бекор қилинганлиги тўғрисидаги буйруқнинг нусхасига мувофиқ асосий иш жойида меҳнат дафтарчасига бу ҳақда ёзув киритилади. Меҳнат шартномаси бекор қилинишининг асослари (сабаблари) меҳнат дафтарчасига ёзилмайди.

II. Меҳнатга ҳақ тўлаш

11. Ўриндошлар меҳнатига ҳақ тўлаш меҳнат шартномасига мувофиқ:

меҳнатга ҳақ тўлашнинг ишбай шаклида – ҳақиқатда бажарилган иш учун;

меҳнатга ҳақ тўлашнинг вақтбай шаклида – ишланган вақтга мутаносиб тарзда амалга оширилади.

12. Меҳнатга ҳақ тўлашнинг ишбай тизимида иш ҳақи ишнинг қиймати бўйича ҳисобланади.

Агар меҳнатга ҳақ тўлашнинг вақтбай шаклида ўриндошга нормаланган топшириқ белгиланса, у ҳолда меҳнатга ҳақ тўлаш ходим томонидан амалда бажарилган иш учун ишнинг пировард натижаси бўйича тўланади.

Туман коэффициентлари ва иш ҳақига устамалар белгиланган туманларда ўриндошлик асосида ишловчи шахсларга меҳнатга ҳақ тўлаш коэффициентлар ва устамалар ҳисобга олинган ҳолда амалга оширилади.

13. Ўриндошлик асосидаги иш учун меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори меҳнат унумдорлигига ёки меҳнат шартномасида назарда тутилган бошқа шартларга қараб, ишланган вақтга пропорционал равишда, қонун ҳужжатларида белгиланган Меҳнатга ҳақ тўлашнинг ягона тариф сеткаси бўйича биринчи разряд тариф коэффициенти асосида ҳисоблаб чиқилган миқдордан паст бўлиши мумкин эмас.

14. Ходимнинг ўртача иш ҳақини ҳисоблаб чиқишда, ушбу ҳисоблаб чиқиш мақсадларидан қатъи назар, асосий иш жойи бўйича ва ўриндошлик бўйича иш учун иш ҳақи алоҳида ҳисоблаб чиқилади.

15. Агар ички меҳнат тартибида ёки ташкилотнинг жамоавий шартномасида ўзгача тартиб назарда тутилмаган бўлса, ўриндошларнинг меҳнати учун рағбатлантириш ташкилотнинг барча ходимлари учун белгиланган тартибда амалга оширилади.

III. Ўриндошларга ҳақи тўланадиган ҳар йилги меҳнат таътиллари, давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақалар бериш

16. Ўриндошлик асосида ишловчи шахсларга ҳар йилги асосий, шунингдек ўриндошлар ҳақли бўлган қўшимча таътиллар асосий иш жойидаги ҳар йилги меҳнат таътили билан бир вақтда берилади.

Агар ўриндошлик асосида ишлашнинг биринчи иш йилида ходим олти ойдан кам ишлаган бўлса, у ҳолда ўриндошлик асосидаги ишда таътил учун ишланган вақтга пропорционал ҳақ тўланади.

Биринчи иш йилида олти ой ишлаган ўриндошларнинг меҳнат таътилига, шунингдек ишнинг кейинги йиллари учун меҳнат таътилига ўриндошлик асосидаги ишнинг ўртача иш ҳақидан келиб чиққан ҳолда одатдаги тартибда ҳақ тўланади.

17. Асосий иш жойи бўйича ҳақ тўланадиган меҳнат таътилининг давомийлиги ўриндошлик асосидаги иш ҳақи тўланадиган меҳнат таътилининг давомийлигидан ортиқ бўлса, у ҳолда иш берувчи ўриндошнинг илтимосига кўра унга ўриндошлик асосидаги иш ҳақи тўланадиган таътилдан ташқари асосий иш бўйича ҳақ тўланадиган таътилнинг қанча давом этиши билан ўриндошлик асосидаги иш ҳақи тўланадиган таътилнинг тафовутини ташкил этувчи кунлар учун иш ҳақи сақланмайдиган таътил беришга мажбурдир.

18. Ўриндошлар ўриндошлик асосидаги иш жойи бўйича вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси олиш, аёллар эса, бундан ташқари, ҳомиладорлик ва туғиш нафақалари олиш ҳуқуқига эгадир.

19. Соғлиқни сақлаш муассасаси томонидан берилган меҳнатга лаёқатсизлик варақасининг белгиланган тартибда тасдиқланган нусхаси ушбу Низомнинг 18-бандида назарда тутилган ўриндошлик асосидаги иш жойидан нафақа олиш учун асос ҳисобланади.

IV. Бир неча касбда ва лавозимда ишлаш тартиби

[СПиТ:

1.Меҳнат ҳуқуқи / Бир неча касб ва лавозимда ишлаш]

20. Ходим томонидан меҳнат шартномасида келишилган ўзининг асосий иши билан биргаликда бошқа касб ва лавозим бўйича қўшимча иш бажарилиши ва ички тартиб-қоидалар билан белгиланган ўзининг асосий ишидан озод бўлмаган ҳолда, вақтинча бўлмаган ходимнинг вазифаларини бажариши бир неча касб ва лавозимда ишлаш деб эътироф этилади.

21. Бир неча касб ва лавозимда ишлашга, қоидага кўра, ушбу ходим тегишли бўлган ходимлар тоифаси доирасида рухсат берилади. Бюджет ташкилотлари ходимларининг бир неча касб ва лавозимда ишлаши иш берувчилар томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳамда Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги билан келишган ҳолда белгиланади.

22. Ташкилотнинг ходими қўшимча ишни бажарадиган муддат, унинг мазмуни ва ҳажми иш берувчи томонидан, ходимнинг ёзма розилиги бўйича белгиланади.

23. Бир неча касб ва лавозимда ишлаш, ўзининг асосий иши билан биргаликда вақтинча бўлмаган ходимларнинг вазифаларини бажарганлик учун қўшимча ҳақ тўланади.

24. Ходимларга бир неча касб ва лавозимда ишлаганлиги, хизмат кўрсатиш доираси кенгайганлиги, бажариладиган ишлар ҳажми ортганлиги, ўзининг асосий иши билан биргаликда вақтинча бўлмаган ходимнинг вазифаларини бажарганлиги учун қўшимча ҳақ миқдори, агар ички меҳнат тартибида ўзгача қоида назарда тутилмаган бўлса, томонларнинг келишувига кўра белгиланади.

25. Бюджет ташкилотларида қўшимча ҳақ миқдори бир неча касб ва лавозимда ишлагандаги лавозим маошининг 30 фоизидан юқори бўлиши мумкин эмас.

26. Бир неча касб ва лавозимда ишлаш тартиби ва шартлари хизмат кўрсатиш доираси кенгайганда ёки бажариладиган ишлар ҳажми ортганда ҳам қўлланилади.

V. Якунловчи қоидалар

27. Ўриндошлар билан меҳнат шартномаси Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси асосида тўхтатилади.

28. Ўриндошлик асосида ҳамда бир неча касб ва лавозимда ишлаш тартибига риоя қилиниши юзасидан жавобгарлик ходимни ўриндошлик асосида ишга қабул қилувчи ташкилотнинг раҳбари зиммасига юкланади.

29. Ушбу Низомга риоя этилишини назорат қилиш меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш органлари, касаба уюшмалари, шунингдек иш берувчилар томонидан уларнинг ваколатлари доирасида амалга оширилади.

Ўриндошлик асосида ҳамда бир неча касбда ва лавозимда ишлаш тартиби тўғрисидаги Низомга
ИЛОВА

Ўриндошлик асосида ишлаш ҳисобланмайдиган ишлар

рўйхати

1. Илмий фаолиятни ёки ўқитувчилик фаолиятини амалга ошириш, агар бундай фаолият асосий иш жойи бўйича бажариладиган иш ҳисобланмаса.

2. Фан, адабиёт ва санъат асарлари яратиш.

3. Ходим томонидан, асосий ишдан ташқари, ўша ташкилотнинг ўзида штат лавозимини эгалламасдан бошқа ишни бажариш, шу жумладан:

умумтаълим мактаблари ўқитувчилари ҳамда касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейлар ўқитувчилари томонидан кабинетларга, лабораторияларга мудирлик қилиш бўйича вазифаларни бажариш, тўгаракларга раҳбарлик қилиш, шунингдек улар томонидан белгиланган юкламадан ортиқ ўқув-тарбиявий ишларни бажариш;

ишнинг ушбу тури бўйича иш вақти нормал давом этишининг 50 фоизидан ортиқ бўлмаган ҳажмда меҳнатга соатбай ҳақ тўланадиган педагогик иш;

таълим муассасалари раҳбарларининг ўқитувчи лавозими бўйича йиллик иш режасида (иш вақти нормаси билан) назарда тутилган жами иш вақтининг 50 фоизидан ортиқ бўлмаган ҳажмда ўқитувчилик иши;

ташкилотлар муҳандис-техник ходимларининг талабалар ва ўқувчиларнинг ишлаб чиқариш таълими ва амалиётига раҳбарлик қилиш бўйича иши;

тиббиёт ходимларининг белгиланган вақт нормасидан ортиқча навбатчилик қилиши;

Ҳукумат қарорлари билан ходимнинг иш ҳақига устамалар белгиланган вазифаларни бажариш.

4. Муаллифлик гонорари шаклида ҳақ тўланадиган адабий иш, шу жумладан алоҳида асарларни таҳрир, таржима қилиш ва уларга тақриз ёзиш бўйича ишлар.

5. Меҳнатга бир марта ҳақ тўланган ҳолда техник, тиббий, бухгалтерия, ҳуқуқий ва бошқа экспертиза (маслаҳат бериш).

6. Умумтаълим мактаблари ва мактабдан ташқари таълим муассасалари ўқитувчилари, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари усталари, мактабгача таълим муассасаларининг педагог ходимлари, таълим муассасалари концертмейстерлари ва аккомпаниаторларининг айнан бир таълим муассасасидаги ўқув юкламасининг белгиланган нормасидан ортиқча иши.

7. Соғлиқни сақлаш муассасаларида ойига 24 соатдан ортиқ бўлмаган ҳажмда, меҳнатга бир марта ёки соатбай ҳақ тўланган ҳолда, тиббиёт маслаҳатчилари вазифаларини бажариш.

8. Илмий-тадқиқот муассасаларида ва олий таълим муассасаларида ушбу таълим муассасалари штатида турмаган илмий ходимлар томонидан катта илмий ходимларга — изланувчиларга раҳбарлик қилиш.

9. Ходим томонидан сиёсий партиялар, касаба уюшмалари ва жамоат бирлашмалари марказий ва ҳудудий органларининг сайлаб қўйиладиган лавозимларида раҳбар ходим, Кузатувчи кенгаш ёки Директорлар (бошқарувчилар) кенгаши раиси ёки аъзоси, Маҳсулот тақсимотига оид битим доирасида қўмитани бошқарувчи, ишончли бошқарувчи ёки ташкилотда давлатнинг ишончли вакили сифатида бажариладиган иш.

10. Жамоатчилик асосида бажариладиган ишлар.

Изоҳ: 2-бандда, 3-банднинг иккинчи ва учинчи хатбошиларда, шунингдек 4, 5, 7, 9 ва 10-бандларда кўрсатилган ишларни асосий иш бўйича иш вақтида бажаришга йўл қўйилмайди. Ишларнинг бошқа турлари ишларнинг хусусиятига кўра ҳам асосий иш вақтида, ҳам ундан ташқари вақтда бажарилади.

Print Friendly, PDF & Email