Касаба уюшмасига қандай аъзо бўлиш мумкин?
Касаба уюшмасига қандай аъзо бўлиш мумкин?
Касаба уюшмасига аъзо бўлиш жуда оддий.
Агар сиз меҳнат қилаётган корхона, ташкилот, муассасада касаба уюшмаси ташкилоти тузилган бўлса, касаба уюшмаси қўмитаси (касаба уюшмаси ташкилотчиси)га ариза билан мурожаат этинг.
Касаба уюшмаси қўмитаси (касаба уюшмаси ташкилотининг умумий йиғилиши) аризангизни кўриб чиқиб, сизни аъзоликка қабул қилиш тўғрисида қарор қабул қилади ва сизга ягона намунадаги аъзолик билети берилади.
Касаба уюшмаси аъзолигига қабул қилиш санаси тегишли қарор қабул қилинган кундан ҳисобланади.
Агар сиз аъзоликка қабул қилингандан сўнг бир тармоқ тизимидаги корхона, ташкилотдан бошқа тармоқ тизимидаги корхонага ишга, тегишлича бир тармоқ касаба уюшмасидан бошқа тармоқ касаба уюшмасига ўтсангиз, меҳнат фаолиятингизни вақтинча ёхуд бутунлай тўхтатсангиз, касаба уюшмаси ташкилоти билан алоқани узмаслик ва аъзолик бадалларини тўлаб туриш шарти билан, касаба уюшмасига аъзолигингиз сақланиб қолинади.
Касаба уюшмаси аъзоси:
касаба уюшмаларидан бепул ҳуқуқий ёрдам олиш, давлат, суд ва мулк шаклидан қатъи назар, хўжалик органларида меҳнат муносабатларига оид масалалар бўйича касаба уюшмаларининг ҳимоясида бўлиш;
касаба уюшмалари органларига сайлаш ва сайланиш, юқори касаба уюшмалари органларига мурожаат этиш;
касаба уюшмалари томонидан ташкил этиладиган тадбирларида иштирок этиш, ўз фикрини эркин баён қилиш, ўз фаолиятига тааллуқли масалалар кўрилаётган мажлис, йиғилиш ёки конференцияларда шахсан иштирок этиш;
касаба уюшмалари тасарруфидаги санаторий ва дам олиш масканларида ўз саломатликларини тиклаш, фарзандларини болалар оромгоҳларида дам олдириш бўйича имтиёзли йўлланмалар олиш, касаба уюшмаларининг маданият муассасалари ва спорт иншоотларидан фойдаланиш ҳуқуқларига эга.
Шунингдек, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳамда тармоқ касаба уюшмасининг Уставларига риоя этиш, касаба уюшмаси органлари қарорларининг, жамоа шартномалари ва келишувларининг бажарилишига кўмаклашиш, касаба уюшмалари фаолиятида фаол иштирок этиш касаба уюшмаси аъзосининг бурчи ҳисобланади.
Касаба уюшмаси ташкилоти қандай тузилади?
Агар корхона, ташкилот, муассасада касаба уюшмаси ташкилоти бўлмаса у қандай тузилади?
Агар Сиз меҳнат қилаётган корхона, ташкилот, муассасада касаба уюшмаси ташкилоти бўлмаса, камида 5 нафар ҳамкасбларингиз билан биргаликда уни ташкил этишингиз мумкин.
Бунинг учун қайси тармоқ касаба уюшмасига аъзо бўлмоқчи бўлсангиз ўша тармоқ касаба уюшмасининг устави билан танишиб чиқинг.
Шундан сўнг корхона (ташкилот, муассаса) меҳнат жамоасининг умумий йиғилиши (умумий йиғилиш чақиришнинг имкони бўлмаган йирик корхоналарда конференция) ўтказилиб, касаба уюшмаси ташкилотини тузиш ва қайси тармоқ касаба уюшмаси тизимига кириш ҳақида қарор қабул қилинади.
Йиғилиш (конференцияда) шунингдек:
– 15 нафаргача касаба уюшмаси аъзосини бирлаштирган бошланғич касаба уюшмаси ташкилотида – касаба уюшмаси ташкилотчиси, унинг ўринбосари ва ғазначи;
– 15 ва ундан ортиқ касаба уюшмаси аъзоларини бирлаштирган бошланғич ташкилотда – касаба уюшмаси қўмитаси ва (агар бошланғич ташкилот алоҳида ҳисоб рақамига эга бўлса) тафтиш комиссияси сайланади.
Бошланғич ташкилот ташкил этилгандан сўнг ўн кун муддатда бу ҳақда қайси тармоқ касаба уюшмасига кирилмоқчи бўлса, шу касаба уюшмасининг ҳудудий ташкилотига (туман, шаҳар кенгаши, вилоят бирлашган қўмитасига), улар бўлмаган тақдирда эса – касаба уюшмаси Республика кенгашига хабар қилинади.
Бошланғич ташкилотнинг мазкур хати асосида касаба уюшмасининг юқори ташкилоти бошланғич ташкилотни касаба уюшмаси хизматига қабул қилиш, унинг ҳисоб рақамини очиш ва муҳрини тайёрлаш тўғрисида қарор қабул қилади.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: