Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 11 мартдаги 133-сон қарорига
1-ИЛОВА

Ёзма ҳолдаги меҳнат шартномаси (контракт) тузиш юзасидан

ТАВСИЯЛАР

I. Умумий қисм

Мазкур Тавсиялар ва Меҳнат шартномаси (контракт)нинг намунавий шакли мулкчиликнинг барча шаклларидаги корхоналар, муассасалар, ташкилотларга (кейинги ўринларда — иш берувчи деб аталадилар) ва ходимларга меҳнат шартномалари (контрактлар) тузишда амалий ёрдам бериш мақсадида ишлаб чиқилган.

Ёзма ҳолдаги меҳнат шартномаси (контракт) доимий ишловчи (номуайян муддатга ишга қабул қилинадиган) ходимлар билан ҳам, муддатли меҳнат шартномаси асосида (беш йилгача бўлган муддатга муайян ишни бажариш вақти учун) ишга қабул қилинадиган ходимлар билан ҳам асосий иш жойи бўйича ва ўриндошлик асосида ишловчи ходимлар, касаначилар ва бошқалар билан тузилади. Муддатли меҳнат шартномаси (контракт) меҳнат муносабатлари номуайян муддатга белгиланиши мумкин бўлмаган ҳолларда:

(I-бўлимнинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 7 августдаги 392-сонли қарори таҳририда)

бўлажак ишнинг хусусиятини;

уни бажариш шартларини;

ходимнинг манфаатларини ҳисобга олган ҳолда;

қонунда бевосита назарда тутилган ҳолларда тузилади.

Меҳнат шартномаси (контракт) тузишда зарур ва қўшимча шартлар кўрсатиб ўтилади.

II. Меҳнат шартномаси (контракт) томонлари

Қуйидагилар меҳнат шартномаси (контракт) томонлари ҳисобланадилар:

иш берувчи — корхона, шу жумладан, уларнинг раҳбарлари номидан корхонанинг алоҳида таркибий бўлинмалари, мулкдор айни вақтда уларнинг раҳбари ҳисобланадиган хусусий корхоналар, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда ўн саккиз ёшга тўлган алоҳида шахслар;

Ходим — ўн олти ёшга тўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароси, шунингдек, хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар (бошқа ҳолларда ота-онасидан бирининг ёки унинг ўрнини босувчи шахснинг ёзма розилиги билан қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда ўн тўрт ва ўн беш ёшдан).

III. Меҳнат шартномаси (контракт)нинг зарур шартлари

Қуйидагилар меҳнат шартномаси (контракт)нинг зарур шартлари ҳисобланади:

иш жойи — ходим ишга қабул қилинаётган корхона, муассаса, ташкилот (унинг таркибий бўлинмаси)нинг номи;

меҳнат функцияси — мазмуни лавозим йўриқномалари, малака мажбуриятлари ва бошқа норматив ҳужжатлар билан белгиланадиган муайян мутахассислик, малака ёҳуд лавозим бўйича (раҳбарлар, мутахассислар ва хизматчиларнинг ҳамда бошқаларнинг Ягона тариф-малака маълумотномаси, Малака маълумотномаларига мувофиқ);

иш бошланадиган кун — қонун ҳужжатларига мувофиқ тузилган меҳнат шартномаси имзоланган пайтдан бошлаб кучга киради, агар ишнинг бошланиши санаси қайд этилмаган бўлса, ходим шартнома имзоланган кундан кейинги иш кунидан (сменадан) кечикмай ишга тушиши керак;

меҳнатга ҳақ тўлаш миқдори ва бошқа шартлар. Меҳнатга ҳақ тўлаш миқдори томонларнинг келишувига кўра белгиланади ва қонун ҳужжатлари билан белгиланган энг кам иш ҳақи миқдоридан кам бўлиши ва энг кўп миқдор билан чегараланиши мумкин эмас;

қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда айрим меҳнат шартномалари (контрактлар)ни тузишда зарур шартлар рўйхати кенгайтирилиши мумкин. Масалан, муддатли меҳнат шартномаси (контракт) тузишда ишнинг бошланиши санасигина эмас, балки унинг тамом бўлиши санаси ҳам қайд этилади. Ходимни муайян ишни бажариш даврига ишга қабул қилишда ходим амалга ошириши учун қабул қилинаётган аниқ иш кўрсатилади. Ўриндошлик билан меҳнат шартномаси (контракт) тузишда қонун ҳужжатлари билан назарда тутилган энг кўп муддат доирасида кундалик ишнинг аниқ муддати белгиланади.

IV. Меҳнат шартномаси (контракт)нинг қўшимча шартлари

Томонларнинг келишувига кўра меҳнат шартномаси (контракт)да қўшимча шартлар назарда тутилиши мумкин. Улар томонларнинг мажбуриятларини аниқлаши, уларни тўлдириши, ходимга қўшимча имтиёз ва афзалликлар берилишини назарда тутиши мумкин.

Қўшимча шартларга қуйидагилар киритилиши мумкин:

ходимга меҳнат шароитлари белгиланган ҳолда ЯТММ ва ММда назарда тутилган қўшимча меҳнат мажбуриятлари юклаш;

бир неча касбда ишлаш тартиби ва шартлари кўрсатилган ҳолда меҳнат шартномаси (контракт)нинг мустақил шарти сифатида бир неча касб (лавозим)да ишлаш;

агар ходим синов муддати билан ишга қабул қилинаётган бўлса, синовнинг аниқ муддати (қачондан қачонгача);

ходимнинг юқори малакаси, агар бу амалдаги қонун ҳужжатларида, жамоа шартномасида (барча даражадаги битимларда) ёки корхона, ташкилот, муассасада амал қилувчи бошқа норматив ҳужжатларда назарда тутилган ҳолларда мураккаброқ ишларни бажариш билан боғлиқ бўлган меҳнатга ҳақ тўлаш (тариф ставкалари, лавозим маошлари, қўшимча ҳақлар, устамалар, мукофотлар ва бошқа хилдаги тақдирлашлар)нинг юқорироқ миқдорларини якка тартибда белгилаш;

ходим учун белгиланган иш вақти режими (тўлиқсиз иш куни, тўлиқсиз иш ҳафтаси, қисқартирилган иш вақти, соатбай иш, иш кунининг бошланиши ва тамом бўлиши ва бошқалар);

қўшимча (ҳақи тўланадиган ва ҳақи тўланмайдиган) дам олиш кунлари, таътиллар бериш;

ижтимоий-маиший тусдаги шароитлар (болалар боғчасида ўрин, санатория-курортда даволанишга йўлланма таъминланиши, транспорт хизмати, марказлаштирилган тартибда озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, уй-жой бериш ва бошқалар);

муддатли меҳнат шартномаси қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда муддатидан олдин бекор қилинганда неустойка тўлаш.

Ходимларнинг алоҳида тоифалари учун шартноманинг қўшимча шартлари: пул ёки товар бойликларга хизмат кўрсатувчи шахслар учун тўлиқ моддий жавобгарлик шарти; корхона раҳбарлари учун меҳнат шартномасини тўхтатишнинг қонунчиликда назарда тутилмаган қўшимча асослари ва ҳ. к.

V. Меҳнат шартномаси (контракт)ни расмийлаштириш

Меҳнат шартномаси (контракт)ни бир хил кучга эга бўлган камида икки нусхада тузилади ҳамда сақлаш учун ҳар икки томонга берилади.

Шартнома (контракт)да томонларнинг манзиллари кўрсатилади.

Меҳнат шартномаси (контракт) сана кўрсатилган ҳолда имзолар билан тасдиқланади. Корхона, муассаса, ташкилот ишга қабул қилиш ҳуқуқи берилган мансабдор шахснинг имзосини гербли муҳр билан тасдиқлайди (гербли муҳр бўлмаган тақдирда имзонинг ҳақиқийлиги ва ваколатлилигини тасдиқловчи бошқа муҳр билан тасдиқланади).

Ходимнинг талабига кўра меҳнат шартномаси (контракт) у биладиган тилда тузилади ва давлат тилида тузилган шартнома (контракт) билан бир хил кучга эга бўлади.

Ходим билан тузилган меҳнат шартномаси (контракт) ишга қабул қилиш тўғрисида буйруқ чиқариш учун асос ҳисобланади. Буйруқ тузилган меҳнат шартномаси (контракт) мазмунига зид бўлмаслиги керак.

VI. Меҳнат шартномаси (контракт) шартларининг ҳақиқий эмаслиги

    Қонун ҳужжатлари, жамоа шартномаси, меҳнатга ҳақ тўлаш тўғрисидаги низом ва бошқа маҳаллий норматив ҳужжатларга нисбатан ходимнинг аҳволини ёмонлаштирадиган меҳнат шартномаси (контракт) шартлари ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.

     Жумладан, меҳнат шартномаси (контракт) тузишда қуйидаги шартлар белгиланиши мумкин эмас:

     меҳнат шартномасини бекор қилишнинг қўшимча асослари, қонун йўл қўядиган ҳоллар бундан мустасно;

     қонун ҳужжатлари билан назарда тутилмаган интизомий жазолар белгилаш;

     синов муддатини Меҳнат кодекси билан белгиланган энг юқори муддатдан ортиқча белгилаш;

      ўриндошлик асосида ишлашга қўшимча чеклашлар жорий қилиш;

      қонунда назарда тутилганидан ортиқча иш вақти муддати белгилаш;

      ходимлар учун қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган ҳолларда моддий жавобгарлик жорий этиш.

Print Friendly, PDF & Email