Спорт-мустаҳкам оиламиз пойдевори !!!

Мухтарам юртбошимиз раҳнамолигида, давлат ва жамоат ташкилотлари томонидан спортни ривожлантириш ва оммавийлаштириш, инсонлар саломатлигини мустахкамлаш йўлида кенг кўламли ишлар, қатор тадбирлар амалга оширилиб, уларнинг давомийлиги таъминланмокда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев раҳбарлигида 2019 йил 19 март куни ўтказилган “Ёшлар билан ишлашни самарали ташкил этишда маданият, санъат, спорт, ахборот технологиялари, китоб ўқишга қизиқишини ошириш бўйича 5 та муҳим ташаббусни амалга ошириш тўғрисида”ги видеоселектор мажлисида берилган топшириқ ҳамда “Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тизимида 2019 йилда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш юзасидан чора-тадбирлар Дастури”га асосан касаба уюшма ташкилотлари томонидан спорт тадбирлари ўтказилмоқда.

“Ватан оиладан бошланади”, “Жамиятнинг пойдевори – оила” деган ибораларнинг мазмунида оиланинг жамиятда тутган ўрни нақадар муҳим эканлигини англаш мумкин. Шундай экан, оила аъзоларини спорт орқали соғломлаштириш ва саломатлигини тиклаш масалалари оилада соғлом муҳитнинг барпо этилишида муҳим ўринга эга.

Ана шундай спорт тадбирларидан бири Ўзбекистон энергетика  ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши томонидан тизимдаги корхоналарда меҳнат қилаётган ишчи-ходимлар ва уларнинг оилалари ўртасида “Спорт-мустаҳкам оиламиз пойдевори” шиори остида Республика оилавий  спартакиада мусобақалари жорий йилнинг 4 май куни “Энергетиклар сиҳатгоҳи”да ўтказилди. Республика оилавий спартакиада мусобақаларини ўтказишдан асосий мақсад – корхона ва ташкилотларда ишлаётган меҳнаткашлар ва уларнинг оила аъзоларини спортнинг оммавий турларига қизиқтириш орқали меҳнат фаолияти самарадорлигини оширишга кўмаклашиш, уларни турли касб касалликларидан спорт ва соғлом турмуш тарзи асослари орқали муҳофаза қилиш ва спорт билан оилавий шуғулланиш кўникмаларини шакллантириш ҳамда спортнинг оммавийлигини оширишдан иборат.

Республика оилавий спорт мусобақалари икки босқичда, яъни 1-босқич жорий йилнинг апрел ойида корхона ва ташкилотларда ўтказилди, 2-якуний Республика босқичи май ойига режалаштирилган эди.

Мусобақаларда Республикамизнинг барча ҳудудларидан ташриф буюрган 25 та оилавий жамоалар иштирок этди. Улар спортнинг 6 та тури бўйича беллашдилар. Мусобақалар югуриш, акробатика элементлари ва тўпни нишонга отиш, “Чаққонлик ва мерганлик” эстафетаси, “Моҳир ҳужумчи”, “Овчилар ва қуёнлар” ўйини, “Қаддимизни ростлаймиз, сакрашни боплаймиз” ҳамда кўпкураш спорт турларидан иборат бўлди.

Спартакиада мусобақалари якунларига кўра, 1-ўринни Тошкент вилояти “Янги Ангрен иссиқлик электр станцияси” АЖдан Турғуновлар оиласи, 2-ўринни Сурхондарё вилоятид “Сурхондарё ҳудудий электр тармоқлари” АЖдан Донаевлар оиласи ва 3-ўринни Фарғона вилояти “Фаргона иссиқлик электр маркази” АЖдан Муминовлар оиласи эгаллади. Мусобақаларда ғолибликни қўлга киритган оилалар касаба уюшма Республика кенгашининг қимматбаҳо эсдалик совға ҳамда дипломлари билан тақдирландилар. Булардан ташқари “Энг чаққон оила”, “Ғалабага бўлган интилиши юксак оила”, “Энг ахил оила” ва “Энг фаол оила” номинациялари бўйича ҳам оилалар ғолибликни қўлга киритиб, тақдирландилар. Булардан ташқари қолган барча иштирокчилар рағбатлантириш совғаларига эга бўлдилар.

Спартакиада иштирокчилари нафақат мусобқаларда иштирок этдилар, улар ва касаба уюшма етакчилари ҳамда фаоллари “Энергетиклар сиҳатгоҳи”да 3 кун дам олиб, саломатликларини тикладилар,  улар учун концерт дастурлари ташкил этилиб, маданий ҳордиқ чиқаришлари учун шарт-шароитлар яратилди. Мусобақа қатнашчилари келгусида ҳам шундай тадбирларда иштирок этиш истагини билдириб, сиҳатгоҳдан мамнуният билан уйлари томон йўл олдилар.

Print Friendly, PDF & Email