“Энг намунали бошланғич ташкилот” кўрик-танлови якунлари бўйича муносиблар тақдирланди.

             02.08.2019 й. Ўзбекистон энергетика ходимлари касаба уюшмаси Республика  кенгаши томонидан «Энг намунали бош­ланғич ташкилот» кўрик-танловининг Республика босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда касаба уюшма ташкилотлари фаолиятини Устав талаблари асосида намунали, ҳаммага ўрнак бўладиган даражада олиб бораётган касаба уюшмаси етакчилари қатнашди.

Тадбирда иштирок этган бошланғич ташкилотлар фаолияти Республика кенгаши ишчи гуруҳи томонидан ўрганилди, уларнинг ишлари ҳаққоний ва холисона баҳоланиб, бунда асосий эътибор бошланғич ташкилот томонидан ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий ҳимояси ва меҳнат муҳофазаси ҳамда бандлигини таъминлаш, саломатлигини мустаҳкамлаш соҳасида эришилган аниқ натижаларга қаратилди.

Тармоқ касаба уюшмаси Республика кенгаши миқёсида ўтказилган “Энг намунали бошланғич ташкилот” кўрик-танловининг якуни бўйича 1-ўринни “Андижон худудий электр тармоқлари” АЖ, 2-ўринни “Навоий худудий электр тармоқлари” АЖ ҳамда 3-ўринни “Жиззах худудий электр тармоқлари” АЖ бошланғич касаба уюшма ташкилотлари эгаллади.

Тадбирда касаба уюшма Республика кенгаши раҳбарияти томонидан кўрик-танловда иштирок этган ва ғолибликни қўлга киритган бошланғич ташкилотлар фаолиятини оммалаштириш, уларнинг олиб бораётган ишларини бошқа бошланғич ташкилотлар раисларига етказиш, ўқув-семинар ва йиғилишларда намуна сифатида кўрсатиш лозим эканлиги таъкидланиб,  касаба уюшмалари фаолиятининг барча йўналишларида амалга оширилаётган ишлардан келиб чиққан холда, келгусида кўрик-танловда барча бошланғич ташкилотларнинг, айниқса жамоатчилик асосида ишлаётган бошланғич ташкилотларнинг фаол иштирокини таъминлаш ҳамда уларнинг фаолиятини баҳолашда ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий ҳимояси, меҳнат муҳофазаси ва соғломлаштириш соҳасида олиб борилаётган ишларнинг аниқ натижаларига асосий эътиборни қаратиш кераклиги эслатиб ўтилди.    

Барча иштирокчиларни эришган ютуқлари билан қутлаб, 1-ўринни эгаллаган “Андижон худудий электр тармоқлари корхонаси” АЖ касаба уюшма қўмитасига Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ўтказиладиган финал босқичида муносиб ўринни қўлга киритишларида омадлар тиланди.

Тадбир сўнгида танлов ғолибларига диплом ва эсдалик совғалари топширилди.

 

Print Friendly, PDF & Email