“Талимаржон Иссиқлик электр станцияси” акциядорлик жамияти маъмурияти ва касаба уюшма қўмитаси ҳамкорлигида “Янги Ўзбекистон – Янги касаба уюшмалари” шиори остида ишчи-хизматчилар ўртасида волейбол мусобақаси ўтказилди. Дастлаб станция хотин-қизлари спортнинг волейбол, яъни тўпни уриб қайтариш тури бўйича ўз маҳоратларини намойиш этдилар. Биринчи ўрин Гидротехник иншоотлар ва коммуникация цехи аёллар жамоаси насиб этди. Иккинчи ўринга Тиббий санитария қисми, учинчи ўринга эса Кимё цехи хотин-қизлари сазовор бўлишди.

Эркаклар ўртасида ташкил этилган волейбол мусобақаси ҳам муросасиз курашларга бой бўлди. Одатдагидек, Қозон Турбина цехи жамоасига тенг келадиган топилмади. Иккинчи ва учинчи ўринларни Марказлашган таъмирлаш ҳамда Гидротехник иншоотлар ва коммуникация цехлари жамоалари эгаллашди.
— “Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!” шиори остида ўтган беш йилда инсон қадри учун улуғвор ва тизимли ишлар амалга оширилганлиги давлатимиз ва жамиятимиз тараққиётида уйғониш даврини бошлаб берди, — дейди жамият касаба уюшма қўмитаси раиси Шуҳрат Нормўминов, — Мамнуният билан таъкидлайманки, бу даврда касаба уюшмалари ҳаётида ҳам улкан ўзгаришлар юз берди. Муҳтарам Президентимиз томонидан 2019 йил 6 декабрида “Касаба уюшмалари тўғрисида” қонуннинг имзоланганлиги фаолиятимизни янги босқичга олиб чиқди ва ваколатларини кенгайтирди. “Ўзбекистон касаба уюшмалари кунини белгилаш тўғрисида” қонун эса биз учун бебаҳо туҳфа бўлди. Бугунги мусобақани ана шу байрам муносабати билан ташкил этдик.

Президентимиз лавозимга киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисидаги нутқида аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашга хизмат қиладиган соғлом турмуш тарзини қарор топтириш бугуннинг энг долзарб вазифаси эканлиги, ҳар бир спорт турини ривожлантириш ва оммалаштириш учун комплекс дастурлар амалга оширилишини алоҳида таъкидладилар. Биз бундан буён ҳам жамият маъмурияти билан ҳамкорликда меҳнат жамоамиз ўртасида спорт мусобақалари ташкил этишга алоҳида эътибор қаратамиз.

 

 

“Талимаржон ИЭС” АЖ Матбуот хизмати

Print Friendly, PDF & Email