Конституция – бахтимиз  қомуси

“Талимаржон Иссиқлик электр станцияси” акциядорлик жамиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 29 йиллигига бағишлаб спортнинг бир нечта турлари бўйича хотин-қизлар ва эркаклар ўртасида мусобақалар ташкил этилди.

Дастлаб шахмат-шашка бўйича жамиятнинг турли цех ва бўлимларидан келган хотин-қизлар ва эркаклар тахта устида дона суриш борасида ўз маҳоратларини намойиш этишиб, ғолиблик учун кураш олиб бордилар.

Жараёндаги кескин кураш жамият ишчи-хизматчиларида спортнинг бу турларига нисбатан қизиқиши тобора ортиб бораётганлигини кўрсатди. Айниқса, 45 ёшдан ошганлар ва ишловчи нафақахўрлар ўртасидаги минифутбол жуда қизиқарли ўтди. Аёллар 1000 метр, эркаклар 300 минг метр масофага югуриш мусобақасида фаол иштирок этдилар.
– Янги йилдан эътиборан ишловчилар ўртасида спортнинг барча турлари бўйича мусобақалар ташкил этишни режалаштираяпмиз,- дейди жамият касаба уюшма қўмитаси раиси Шуҳрат Нормўминов. – Бундай беллашувларни нафақат байрам кунларида, балки йилнинг ҳар чорагида мунтазам ўтказиш борасида амалий ишларни бошлаб юбордик.

Бугун кекса ёшдаги эркаклар ва хотин-қизларимиз минифутбол ҳамда югуриш мусобақаларида фаоллигини кўриб, бундай беллашувларни тез-тез ташкил этиб туриш кераклигига амин бўлдим. Жамиятимиз маъмурияти билан ҳамкорликда ишловчиларимизнинг спорт билан мунтазам шуғулланишлари учун шарт-шароит яратиш учун дастур ишлаб чиқиб, саломатликларини тиклашда муҳим аҳамият касб этган спорт машғулотларини уларнинг ишдан бўш вақтларида ташкил этилишига ҳаракат қиламиз. Спорт турмуш тарзимизнинг ажралмас қисмига айлансагина, бахтли ва соғлом умргузаронлик қила оламиз.

Амир Темур номли маданият саройида мазкур анжуманларнинг тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Мусобақаларда фаол иштирок этиб, фахрли ўринларни киритган жамоалар ва иштирокчиларга жамият маъмурияти ва касаба уюшма қўмитасининг қимматбаҳо совғалари топширилди.

 

 

“Талимаржон ИЭС” АЖ КУҚ Матбуот хизмати

Print Friendly, PDF & Email