«Миллий тадқиқот ядро университети» Тошкент филиалига ташриф.
7/12/2021. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг мазмун моҳияти ва касаба уюшмалари фаолиятининг конституциявий кафолатларини ёшларга етказиш, касаба уюшма фаоллари сафини ёшлар билан тўлдириш мақсадида “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси – муносиб меҳнатнинг ҳуқуқий кафолати” тарғибот лойиҳаси давом этмоқда.
Шу муносабат билан, жорий йилнинг 7 декабр куни Ўзбекистон энергетика, нефт-газ ва геология ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши Ёшлар ишлари бўлими ташаббуси билан «Миллий тадқиқот ядро университети» Тошкент филиалига ташриф уюштирилди. Университетда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 29 йиллиги муносабати билан байрам тадбири бўлиб ўтди.
Тадбирда Республика Кенгашидан Ёшлар ишлари бўлими мудири Б.Абдуллаев, Ижтимоий ҳимоя бўлими мудири Р.Джурав, Юридик бўлим мутахассиси Ж.Бозоров, Халқаро бўлим мутахассиси Р.Нургалиевалар, университетдан ўқитувчи ва талабалар иштирок этдилар.
Байрам тадбири аввалида талабаларни бош қомусимиз бўлмиш конституция куни билан табриклаб, уларга ўзларининг қонунда белгиланган ҳуқуқлари ва бурчлари тушунтирилди.
Республика Кенгаши томонидан тайёрланган ижтимоий видео ролик орқали энергетика, нефт-газ ва геология тармоғи касаба уюшмалари тарихи ва фаолияти ёритиб берилди.
Касаба уюшма ёшлари ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқлари ва қонуний кафолатлари, ёшлар учун бериладиган қўшимча имтиёз ва кафолатлар ҳақида маълумот берилиб, ёшларга яна ҳам қизиқарли ва тушунарли бўлиши учун саҳнага талабалардан жалб қилиб, “Ўрта махсус, касб-ҳунар ҳамда олий таълим муассасалари битирувчиларининг таълим муассасасини тамомлаган кундан эътиборан уч йил ичида биринчи бор ишга кираётган битирувчилари ишга қабул қилинганда дастлабки синов белгиланмаслиги” тўғрисидаги ҳолат акс этган саҳна кўриниши ўтказилди.
Талабаларнинг конституциямиз ҳақидаги билим ва кўникмаларини текшириш мақсадида, саҳнага ўрнатилган катта экранда “KAHOOT” электрон ўқитиш платформасидан фойдаланган ҳолда Конституция билан боғлиқ викторина тест саволлари берилиб, конкурс ўтказилди. Ғолибларга 1,2,3-ўринларга Республика Кенгашининг эсдалик совғалари топширилди.
Ўзбекистон энергетика, нефт-газ ва геология ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши Ёшлар ишлари бўлим мудири Б.У.Абдуллаев
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: