«Бухоро НҚИЗнинг энг яхши рационализатори” танлови якунлари эълон  қилинди

Инновацион, рационализаторлик ва ихтирочилик ғоялари, ишлаб чиқариш жараёнларини механизациялаштириш ва автоматлаштириш, янги маҳсулот чиқариш, маҳсулот сифатини ошириш, ёқилғи ва ёқилғи тежашга қаратилган долзарб вазифаларни ҳал этишда ижодий салоҳият ва ресурслардан самарали фойдаланиш, энергия ресурслари, хом-ашё, материаллар, меҳнатни муҳофаза қилиш ҳолати ва заводнинг бошқа йўналишлари бўйича лойиҳаларни фаоллаштириш мақсадида 2021-йил 27-мартдаги “Бухоро НҚИЗнинг энг яхши рационализатори танловини ўтказиш тўғрисида”ги 103-сон буйруғига асосан 2022 йилнинг 4 февраль куни “Бухоро НҚИЗнинг энг яхши рационализатори” кўрик-танлови ташкил этилди. 

Буйруқ билан танловни ўтказиш тартиби ва хайъат таркиби тасдиқланган бўлиб, 2020 йилнинг 1 декабридан 2021 йилнинг 1 декабригача танловда иштирок этиш учун 22та рационализаторлик таклифи келиб тушди.

Танлов натижалари сарҳисоби рационализаторлар томонидан ғоялар тақдимоти шаклида намойиш этиш ва мулоқот тарзида муҳокама қилиш форматида ўтказилди. Тақдим этилган таклифлар завод фаолиятининг турли йўналишларига: жараёнларни механизациялаштириш ва автоматлаштириш, иккиламчи ресурслардан фойдаланиш, ёқилғи-энергетика ресурсларини тежаш, чиқиндиларни қайта ишлаш, хавфсизлик ва атроф-муҳит муҳофазасини такомиллаштириш, энергия самарадорлигини ошириш ва энергия хавфсизлигини таъминлаш, муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш, янги турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва сифатини ошириш, жараёнларни рақамлаштиришга йўналтирилган.

Иштирокчилар томонидан ҳайъат аъзоларига ҳар бир рационализаторлик таклифининг долзарблиги, янгилиги, техник ва/ёки ташкилий ечимининг моҳияти, амалга ошириш ҳолати, бажарилган ишлари, кутилаётган ва/ёки олинган самара акс эттирилган слайдлар тақдим этилди. Тақдимот давомида ҳакамлар томонидан саволлар берилиб, тавсия ва мулоҳазалар билдирилди. Танлов якунлари бўйича ҳайъат томонидан тақдим этилган номинациялар бўйича номзодлар муҳокама қилинди ва аниқланди.

Бир овоздан:

“Бухоро НҚИЗнинг энг яхши рационализатори” номинациясида:

I ўрин К.Р. Сафаров «21-Е-20 иссиқлик алмашиниш қурилмаси линиясида фильтр ўрнатиш» таклифи учун;

II ўрин Б.А. Хайдаров “Оқава сувларни тозалаш жараёнида қўлланиладиган алюминий сулфатни фойдаланилган адсорбентни қайта ишлаш йўли билан олиш” ва “Суюқ углеводородлар олиш мақсадида нефть шламини пиролиз йўли билан қайта ишлаш” таклифи учун;

III ўрин А.Ш. Саидов “Водород линиясида янги иссиқлик алмаштиргични ўрнатиш” таклифи учун ғолиб деб топилди.

“Бухоро НҚИЗнинг энг яхши ёш рационализатори” номинациясида 30 ёшгача бўлган иштирокчилар ўртасида:

Б.Х. Баҳронов “1-цехнинг кунлик ҳисоботини юритиш дастурини яратиш” таклифи учун I ўрин билан;

Х.М. Бақоев “Бухоро НҚИЗда қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш. Мини шамол электр станцияси” ва “Бухоро НҚИЗ ҳудудида қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш. Қуёш электр станцияси” таклифи учун II ўрин билан тақдирланди.

Ўз навбатида, совринли ўринлар ғолибларига танлов шартларида назарда тутилган моддий рағбатлантириш тўловлари тўланиши белгиланган.

Маълумот учун: Таъкидлаш жоизки, завод ишчи-ходимлари ўртасида ижодий салоҳиятни ошириш бўйича танловлар ўтказиш аллақачон яхши анъанага айланган. 2019 йилда “Энг яхши инновацион ғоя”, 2020 йилда “5та энг яхши инновацион ва инвестицион ғоя” танловлари ўтказилди. Бундай танловлар ходимларнинг янги ғоялар яратиш ва уларни ҳаётга тадбиқ этиш иштиёқини оширади.

 

«Бухоро НҚИЗ» МЧЖ КУҚ Матбуот хизмати

Print Friendly, PDF & Email