Буюк шоирларни ёд этиб
Enter Engineering компанияси Касаба уюшмаси қўмитаси ташаббуси билан Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур даҳолари таваллуд кунларига бағишланган ижодий кеча ташкил этилди. Тошкент шаҳридаги 302-ўрта умумтаълим мактабининг мажлислар залида таълим масканининг юқори синф ўқувчилари ва компания ходимлари ижросида буюк шоирларимизнинг ғазаллари ва ашъорлари ифодали ўқилди, уларга куйланган қўшиқлар куйланди.
Дурадгор, ғишт терувчи, бетон қуювчи, қурувчи-уста бўладими, уларнинг барчасини классик адабиётимиз дурдоналарига бўлган муҳаббат бирлаштириб туради. Алишер Навоий таваллудининг 581-йилилиги, Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 539-йиллигига бағишланган ушбу тадбирда Enter Engineering компанияси ходимлари ҳам буюк аждодларимиз ижодига бўлган чуқур қизиқишларини намоён этдилар. Компаниямиз Касаба уюшма қўмитаси 302-ўрта умумтаълим мактаби маъмурияти билан ҳамкорликда ушбу тадбирга ташкилотчилик қилдилар.
Тадбирнинг очилишида Қўмита раиси Бобур Кенжаев сўзга чиқиб, аждодларимизнинг бадиий адабиёт, маданият, санъат ва илм-фан ривожига қўшган улкан ҳиссаларини алоҳида таъкидлади. Шунингбек, Бобур Олимович йиғилганларни компаниямиз фаолияти билан таништирар экан, жумладан шундай деди: «Enter Engineering нефт-газ, кимё, электроэнегетика тармоқлари объектларини, шунингдек фуқаролик иншоотларини қуриш ва модернизация қилиш билан шуғулланади. Компаниямиз нафақат Ўзбекистонда, балки бутун минтақадаги нефт-газ ва саноат объектлари қурилиши бозорида изчиллик билан ривожланиб бораётган йирик компания ҳисобланади».
Тадбирга йиғилган томошабинлар ўқувчилар ва компаниямиз ходимлари ижросидаги томошани завқ билан томоша қилдилар. Айниқса, ёшлар ижросидаги саҳна кўринишлари, қўшиқлар ва рақслар барчага кўтаринки кайфият бағишлади. Компаниямизнинг ижодкор ходимлари Навоий ва Бобур ғазалларини ифодали ўқиб, олқишлар олдилар. Бундан ташқари, «МЭИ» лойиҳаси ишчиси Улуғбек Абдуллаев буюк шоир, султон ва саркарда Бобурга бағишланган «Мирзо Бобурман» қўшиғини маромига етказиб ижро этди.
Тадбир якунида барча ижрочи-ўқувчиларга Қўмита томонидан ҳозирланган эсдалик совғалари ва фахрий ёрлиқлар топширилди. Мактаб директори Дилфуза Нажимова ҳамкорликдаги тадбир учун компаниямиз мутасаддиларига ўз миннатдорчилигини билдирди. «Бугун биз буюк аждодларимиз хотирасига бағишланган ушбу тадбирни ўтказар эканмиз, уларнинг руҳини шод этдик, деб ўйлайман. Enter Engineering компаниясига ушбу тадбирни ташкил этишдаги ёрдами ва рағбати учун раҳмат айтамиз ва компанияга тараққиёт ва ривож тилаймиз», – деди ўз сўзида директор.
Касаба уюшма қўмитаси раиси Бобур Кенжаев, ўз ўрнида мактаб раҳбариятига ташкилий ишларда кўрсатилган ёрдам учун ташаккур айтди ва бу каби тадбирлар мунтазам ўтказилишига умид билдирди.
«Enter Engineering»АЖ КУҚ матбуот хизмати
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: