«Ҳамжиҳатликда – адолат ва тараққиёт сари»

Жорий йилнинг 18 февраль куни Ўзбекистон энергетика, нефт-газ ва геология ходимлари касаба уюшмаси тармоқ тизимига кирувчи Enter Engineering, ERIELL Group, Sanoat Energetika Guruhi (SEG) ва Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи (ФНҚИЗ) касаба уюшмалари қўмиталари иштирокида таъсис конференцияси бўлиб ўтди ва унинг натижасига кўра янги, бирлашган касаба уюшмаси ташкилоти –ЕЕFS ташкил этилди. Бирлашган касаба уюшмаси қўмитаси раиси лавозими учун кўрсатилган ERIELL Group ваколатхонаси раҳбари ўринбосари Aлим Юнусов номзоди кўпчилик овоз билан қўллаб-қувватланди ва у ушбу лавозимга тайинланди. Йиғилишда ташкилот Устави ҳам қабул қилиниб, тафтиш комиссияси раиси ҳамда аъзолари ҳам сайланди.

Таъсис конференциясида Еnter Engineering компаниясининг Маъмурий ишлар директори Тимур Aбдуллаев, Ўзбекистон энергетика, нефт-газ ва геология ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раҳбарияти ва масул ходимлари, шунингдек, Enter Engineering, ERIELL Group, Sanoat Energetika Guruhi (SEG) ва Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи (ФНҚИЗ) номидан таклиф этилган 50 дан ортиқ касаба уюшма қўмиталари делегатлари иштирок этдилар.

«Таъкидлаш жоизки, ҳар учала корхона ва нефтни қайта ишлаш заводи иқтисодиётнинг реал сектори тараққиётига, айниқса, Ўзбекистонда қурилиш ва ёқилғи-энергетика саноатини комплекс ривожлантиришга ўзининг улкан ҳиссасини қўшиб келмоқда, — дея таъкидлаб ўтди Ғофуржон Ҳамидов. — Касаба уюшмаларининг ихтиёрий бирлашмаси меҳнаткашларнинг касбий, меҳнат, ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ҳуқуқ ва манфаатларини амалга ошириш ҳамда ҳимоя қилишда ҳаракатларни мувофиқлаштириш ва бирдамликка эришиш мақсадида амалга оширилади».

Еnter Engineering компаниясининг Маъмурий ишлар бўйича директори Тимур Aбдуллаев, корхоналардаги касаба уюшма қўмиталари фаолияти намоён этаётган юксак натижаларни қайд этиб, бирлашган касаба уюшмалари қўмитаси фаолиятининг мувофиқлаштирилиши ишчи-хизматчилар учун муносиб меҳнат шароитларини яратиш, аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш тизимини ривожлантиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилишини таъкидлади.

ЕЕFS миссияси – саъй-ҳаракатларда ҳамжиҳатликка эришиш, ўзаро ҳамкорлик ва кўмаклашув, бирдамлик, ҳар бир ходим, шунингдек бутун жамоанинг эҳтиёж-муаммоларига бефарқ бўлмаслик тамойиллари асосида ишлаган ҳолда ходимларнинг касбий, ижтимоий ва меҳнат ҳуқуқлари-манфаатларини жамоавий ҳимоя қилишни яхшилашга қаратилган. Бирлашган касаба уюшма қўмитаси ўз фаолиятини «Ҳамжиҳатликда – адолат ва тараққиёт сари!» шиори остида олиб боради.

 

 

Ўзбекистон энергетика, нефт-газ ва геология ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши матбуот хизмати

Print Friendly, PDF & Email