“Тошкент ИЭС” АЖ ишчи ходимлари учун Бухоро шаҳрига саёхат ташкил этилди.

“Иссиқлик электр станциялари” АЖ тизимидаги корхоналарда “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” дастури доирасида ички туризм ривожланишига муносиб ҳисса қўшиб келинмоқда.

“Тошкент ИЭС” АЖ Касаба уюшма қўмитаси томонидан дам олиш кунлари 50 нафар ишчи-ходимлар ва уларнинг оила аъзолари учун қадимий Бухоро шаҳри ва Бухоро вилоятига саёҳат ташкил этилди.

Саёҳатнинг биринчи куни режага мувофиқ муқаддас қадамжолар зиёратига бағишланди. Иштирокчилар умумий узунлиги 120 километр бўлган ягона сайёҳлик маршрути орқали Бухоро вилоятида яшаб ислом динини тарғиб қилишга қўшган улкан ҳиссалари билан дунёга танилган буюк етти пир — Абдухолиқ Ғиждувоний, Муҳаммад Ориф Ревгарий, Маҳмуд Анжир Фағнавий, Хожа Али Ромитаний, Муҳаммад Бобойи Самосий, Саййид Амир Кулол ва Баҳоуддин Нақшбанд меъморий мажмуаларида бўлишди. Қабрларни зиёрат қилиб, Қуръон тиловат қилдилар.

“ – Бухоро – табаррук замин, азал-азалдан турли савдо йўллари, маданият ва цивилизациялар чорраҳасида жойлашган бу кўҳна гўшанинг оҳанграбоси, кўрку таровати инсонни доимо ўзига чорлаб туради, – дейди касаба уюшмаси қўмитаси раиси Мунира Қосимова. — Етти пир бўйлаб ҳам зиёрат, ҳам саёҳат қилиш эса савоб иш. Бугунги кунда мажмуаларнинг муқаддас қадамжоларини янада обод қилишга қаратилган ишлар авжида. Уларнинг мақбаралари қайта таъмирланиб, атрофи  кўкаламзорлаштирилаётгани, вилоятнинг иқлим шароитига мос манзарали дарахтлар, ноёб гуллар ўстирилаётганига гувоҳ бўлдик”.

Саёҳатнинг иккинчи куни дастуридан “Лаби ҳовуз”, “Минораи калон” ансамбли, Бухоронинг карвон саройлари, Улуғбек мадрасаси ва бошқа тарихий обидаларга ташриф буюриш ўрин олди. Нафақат шаҳар аҳли, балки сайёҳларнинг ҳам севимли масканларига айланиб улгурган бу манзиллар қатнашчиларда катта таассурот қолдирди- дея хабар бермоқда «Тошкент ЭИС» АЖ КУҚ матбуот хизмати.

 

 

Ўзбекистон энергетика, нефт-газ ва геология ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши матбуот хизмати

Print Friendly, PDF & Email