Қарор ва ижро КЕКСАЛАР АРДОҒИМИЗДА – ФАХРИЙЛАР ҚАРОҒИМИЗДА
Ҳар бир миллат, ҳар бир давлатнинг ўзига хос бойлиги, хазиналари бор. Бизнинг юртимизда ёши улуғ инсонларни ҳам ана шулар сирасига қўшилади. Негаки, йиллар давомида элига хизмат қилган, эндиликда бой меҳнат тажрибаси, ҳаётий ҳикматлари, пурмаъно сўзлари билан жамият тараққиётига ҳисса қўшаётган кексаларимизнинг ҳар бир каломи олтиндан қиммат туради. Уларни қанча қадрласак, эъзозласак, таъзим қилсак, панду-насиҳатларидан бобаҳра бўлсак ўзимизнинг-да мазмунли эртамизни таъминлаган бўламиз. Шу боис Наманган ҳудудий электр тармоқлари корхонаси аксиядорлик жамиятида бу масалага алоҳида эътибор қаратиляпти.
Бизда азалдан тизимда меҳнат қилиб нафақага чиққан фахрийларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш борасида муайян тадбирлар амалга ошириб келинади. Бу хусусда жамоа шартномасида аниқ кўрсатиб ўтилган. Айниқса, вилоят электр тармоқлари корхонасида ўттиз йилдан зиёд ишлаб “Фахрий энергетик” номига сазовор бўлган отахон ва онахонларимиз учун қатор имтиёзлар белгиланган. Хусусан, улар республикамиз миқёсидаги турли санаторийлар, даволаш поофилактика муассасаларида жамият ҳисобидан бепул дам олишади, даволанишади. Шунингдек, юртимиздаги ўтадиган қатор байрам тадбирлари, маънавий-маърифий тадбирларда доимий қатнашиб келадилар ва маълум миқдорда рағбатлантириб борилади.
Ана шундай тадбирлардан бири бу йилги Хотира ва қадрлаш куни арафасида ўтказилди. Унда Наманган шаҳридаги “Диёр” тантаналар саройига 500 нафар меҳнат фахрийлари таклиф этилдилар. Уларнинг ҳар бирига алоҳида эҳтиром кўрсатилиб, қадрланди, байрам совғалари топширилди. Шунингдек, турли сабаблар билан ушбу тантанага кела олмаган 50 нафарга яқин ногирон, якка-ёлғиз кексаларнинг хонадонларига ташриф буюрилди. Жамият раҳбарлари, бўлим бошлиқлари уларнинг ҳар бирига алоҳида эътибор кўрсатдилар. Бундан ташқари Чортоқ туманидаги Мучум қишлоғида яшовчи иккинчи жаҳон уруши ва меҳнат фахрийси, 95 ёшли табаррук отахон Холмирза бобо Қорабоев жамиятимиз фаолларининг алоҳида эҳтиромига сазовор бўлди. Самимий қутлов ҳамда байрам совғалари билан кириб борган вакилларимизни отахон чексиз шодлик ила кутиб олди ва узундан-узоқ дуо қилиб кузатиб қолди. Ушбу тадбирларнинг барчасига жамият томонидан 90 миллион сўм маблағ сарфланди.
Жамиятимизда “Нуроний” жамғармасининг вилоят, шаҳар ва туман бўлимлари билан ҳам узвий ҳамкорлик йўлга қўйилган. Ушбу ҳамкорлик доирасида вақти-вақти билан жойлардаги меҳнат фахрийлари ҳолидан хабар олиб бурилади. Айниқса, моддий ёрдамга зурурати бор пенсионерларимиздан йигирма нафарига 12 миллион сўм маблағ ажратилди. Якка-ёлғиз, боқувчиси йўқ ҳамда ногирон фахрийларимизга қирқ марта турли озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди. Шунингдек, йилнинг ўтган даврида меҳнат фахрийларимиздан 45 нафари республикамизнинг турли сиҳатгоҳларида, хусусан, Фарғона вилоятидаги “Нурафшон” санаториясида дам олиб, даволаниб қайтишди. 120 нафари эса вилоятимиздаги даволаш-профилактика муассасаларида ётиб ўз саломатликларини тикладилар. Бу каби тадбирлар ҳали йил охиригача давом эттирилади.
Аҳамиятли жойи шундаки, мамлакатимизда кексаларимизга нисбатан бундай эътибор янада кучайиб боряпти. Кекса авлод вакилларини ижтимоий ҳимоя қилиш, уларга эътибор ва ғамхўрликни кучайтириш, уларнинг турмуш шароитини яхшилаш, фаол ва мазмунли ҳаёт кечиришларини таъминлаш, бой ҳаётий тажрибасидан кенг фойдаланиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан шу йил 27 сентябрда қабул қилинган “Кекса авлод вакилларининг жамиятдаги ўрни ва ижтимоий фаоллигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор бу борадаги тадбирларимиз кўламини оширишга хизмат қилади.
Ҳозирда жамиятимиз тасрруфидаги 14 шаҳар-туман электр тармоқлари корхонаси, йигирмадан зиёд бўлимларда 2250 нафар ишчи-ходимлар меҳнат қилишади. Юқорида номи қайд этилган қарорга кўра эндиликда беш юз нафарга яқин тизим фахрийлари уларнинг иш фаолиятида ўзларининг қимматли маслаҳатлари, бой ҳаётий тажрибаси билан амалий ёрдам берадилар. Айни йўналишдаги тадбирлар жамоатчилик асосида кексалар масалалари бўйича масъул этиб белгиланган ходим – укув маркази бошлиги Султонали Пирматоа раҳбарлигидаги «Фахрийлар кенгаши» томонидан мувофиқлаштириб боради. Ушбу кенгаш ЖамиятКасаба уюшмаси билан хамкорликда доимий равишда тизимдаги меҳнат жамоаларида узоқ йиллар фаолият кўрсатиб пенсияга чиқаётган ишчи-хизматчиларни алоҳида тантана билан, узоқ йиллик самарали фаолиятини муносиб тақдирлаш орқали нафақага кузатиб қўядилар.
Шу маънода қарор доирасидаги “Кексалар ҳафталиги” ҳам алоҳида эътибор билан ўтказилди. Жумладан, жойларда алоқадор ташкилотлар, ўзини ўзи бошқариш органлари билан ҳамкорликда «Кекса авлод оилавий ажримларга қарши», маҳаллаларда «Бобом, бувим ва мен китобхон» шиори остида китобхонлик акциялари, «Биз бор жойда жиноятга ўрин йўқ» мавзуларида тарғибот тадбирлари ўтказилди. Таълим муассасаларида ўтган маънавият соатларида аҳоли ўртасида обрў-эътибор қозонган кексалар ўз ибратли ҳаёт йўли ва меҳнати ҳақида ҳикоя қилувчи «Нуронийлар ёшлар нигоҳида» мавзусидаги учрашувларда қатнашдилар.
Янада аҳамиятли жойи шундаки, бизнинг фахрийларимиз эндиликда жойларда ташкил этиладиган «Кексалар маслаҳати» гуруҳларининг таркибида ҳам фаолият олиб боришади. Яъни, гуруҳ ваколати доирасида маҳаллаларда аҳолига хизмат кўрсатувчи ташкилот ва идоралар, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти устидан Ўзбекистон Республикасининг «Жамоатчилик назорати тўғрисида»ги Қонунида белгиланган тартибда жамоатчилик назоратини ўрнатишга ҳисса қўшадилар. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 9 январдаги «Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида» фармони асосида маҳаллаларда аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш, аҳолининг, айниқса, ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлигини юксалтиришга кўмаклашадилар.
Бундан ташқари, кекса авлод вакилларининг давлат ва жамият ҳаётидаги ижтимоий фаоллигини ошириш, маҳалладаги муаммоларни ҳал этиш, миллий урф-одат, анъана ва маросимларни ташкил этиш ҳамда ўтказишда йўл-йўриқ кўрсатадилар. Маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳитни барқарорлаштиришда фуқаролар йиғинига, кам таъминланган ва кўп болали оилалар, ёлғиз, ногиронлиги бўлган фуқаролар ҳолидан хабар олиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлашда давлат ва жамоат ташкилотларига кўмаклашадилар.Аҳоли ўртасида жисмоний тарбия машғулотлари гуруҳларини шакллантириш, кексаларни оммавий спорт мусобақаларига кенг жалб этишда фаоллик кўрсатадилар. Уларни ушбу тадбирлардаги фаол иштирокида биз ҳам амалий ёрдам кўрсатамиз, имконият даражасида моддий-маънавий жиҳатдан қўллаб борамиз.
Мухтасар қилиб айтганда бизнинг жамоамиз ўз фахрийларини асло ҳамиша эътибордан четда қолдирмайди. Аксинча, уларнинг дуосини олиш, хизматини қилиш, қўллаб-қувватлаш инсонийлик бурчимиз саналади. Бугун уларни ардоқласак, иззат-ҳурмат кўрсатсак эртанги авлод ҳам бизга шундай муносабатда бўлади. Шундай экан, бу борада барча имкониятлардан унумли фойдаланамиз .
«Наманган ҲЭТК» Акциядорлик жамияти
Касаба уюшма раиси Р.Дедамирзаев.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: