“Ўзбекнефтгаз” АЖ тизим ташкилотлари ўртасида ўтказилган футбол бўйича “Ўзбекнефтгаз кубоги–2021” мусобоқаси якунланди.
“Ўзбекнефтгаз”АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев ташаббуси билан тизим ташкилотлари ходимлари орасида “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бирлашган касаба уюшмаси томонидан оммавий спортни кенг тарғиб қилиш мақсадида футбол, кураш, шахмат, ўқ отиш, сузиш ва енгил атлетика спорт турлари бўйича турли мусобақалар ўтказиб келинмоқда.
“Ўзбекнефтгаз кубоги – 2021” мусобоқаси ҳам кенг масштабда карантин қоидаларига тўлиқ риоя қилинган ҳолда ўтказилди. Бахсларда 7 та ҳудуддан қирқта жамоа ғолиблик учун ўзаро куч синашди.
Мусобоқанинг 3-ўрин ғолиблиги учун кечган бахсда “Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси” ва “Кучлик нефть базаси” жамоалари ўзаро бахслашишди.
“Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси” жамоаси аъзолари бу учрашувда ғалаба қозониб, учинчи ўринни эгаллади.
Финал учрашуви кутилганидан ҳам қизиқарлироқ бўлди. “Ўзбекнефтгаз” АЖ марказий аппарат ходимларидан иборат жамоа вакиллари “Шўртан газ кимё мажмуаси” жамоасига қарши майдонга чиқди.
Қизиқарли кечган ўйиннинг 1-бўлим 21-дақиқасида Шерали Жўраев “Шўртан газ кимё мажмуаси” жамоасини ҳисобда олдинга олиб чиқди. Биринчи бўлим тўлиқ меҳмонлар устунлигида ўтди ва натижа сақлаб қолинди.
Иккинчи бўлимда асосан қарши ҳужумда ҳаракат қилган “Ўзбекнефтгаз” АЖ жамоаси 36-дақиқада ҳисобни тенглаштиришга муваффақ бўлди. Гол муаллифи Суннат Абдуназаров бўлди.
Ўйиннинг асосий дақиқаларида дарвозалар бошқа ишғол қилинмади. Ғолиб номи пеналтилар сериясида аниқланди.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ жамоаси 3:1 ҳисоб билан ғалаба қозонди ва Кубок соҳибига айланди.
Мусобоқа ғолибларини тақдирлаш маросимида иштирок этган “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев табиий газ қазиб чиқарилиши ва қайта ишланишида меҳнат қилаётган ишчи-ходимларнинг фидоийлигини алоҳида таъкидлаб, барчага ўз миннатдорчилигини билдирди.
Ишдан бўш вақтда ҳар доим спорт билан шуғулланишга вақт ажратиш лозимлиги ва бу борада барча шароитлар яратиб берилишини маълум қилди.
Тақдирлаш маросимида Бошқарув раиси томонидан жамоасини ғолибликка қадар яхши тайёргарлик кўриши учун ҳаракат қилган Зоҳидов Нодиржон Маъмуржон ўғли алоҳида эътироф этилди ва унга “Энг яхши мураббий” мукофоти топширилди.
Шунингдек, “Шўртан газ кимё мажмуаси” жамоаси мураббийи Бердиев Озод Муродович ҳам “Энг яхши мураббий” номига сазовор бўлди.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ жамоаси ҳужумчиси Суннат Абдуназаров Кубокнинг “Энг яхши тўпурар футболчиси” деб топилди. Эслатиб ўтамиз, ушбу кубок бахсларида Суннат Абдуназаров рақиблар дарвозасига 22 та гол уришга муваффақ бўлди.
Ўз навбатида, “Энг яхши ўйинчи” Анвар Шомуродов (“Шўртан газ кимё мажмуаси”), “Энг яхши ҳимоячи” Эрханов Баҳодир (“Кучлик нефть базаси”).
“Энг яхши дарвозабон” номинацияси эса Орипов Тоймурод (“Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси”)га топширилди.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: