14 январь – мустақил Ўзбекистон мардларининг санаси муборак

Андижон шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 27 йиллиги ва 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан “Ватан муқаддас, уни ҳимоя қилиш шарафли бурчдир!” шиори остида ҳарбий юриш ва техникалар паради ўтказилди. Унда 35 мингдан ортиқ ҳарбийлар ва фуқаролар иштирок этдилар. Тадбирда «Андижон ХЭТК» АЖ жамоаси ҳам қатнашдилар.

Машаққатли ва шарафли касб эгаларининг байрами қишнинг ўртасида нишонланишида ҳам рамзий маъно бор, зеро сарҳадларнинг дахлсизлигига масъуллар юрт осойишталиги йўлида барча қийинчиликларга тайёр турадилар. Қишнинг экватори бўлишига қарамай, қуёшли, илиқ об-ҳавобайрам кайфиятига кайфият қўшди.

Ҳарбий техникалар, отлиқ аскарлар, ҳарбийлаштирилган парад иштирокчилари саф-саф бўлиб, Шароф Рашидов, Амир Темур кўчаси ҳамда Навоий шоҳкўчаси орқали тантанали юриш қилдилар. Зирҳли, жанговар ўқ отар воситалари билан қуролланган бу қудрали машиналар Қуролли Қучларнинг имкониятларидан далолат бериб турибди. Қарийб 3 километрга чузилган йўналиш бўйлаб тизилиб турган аҳоли вакиллари ҳарбийларни гуллар ва олқишлар билан кузатдилар. Айниқса, ҳарбий оркестрнинг куйлари дилларда акс-садо берди.

Тадбирдан сўнг «Андижон ХЭТК» АЖ маъмурияти ва касаба уюшма қўмитаси томонидан нафақадаги ва хозирда ишлаётган байналминал-жангчилар билан учрашув ўтказилди, уларга эсдалик совғалар билан рағбатлантирилди.

14 январь – Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан республикамиздаги барча ҳарбий зобитлар, орган ходимлари, қолаверса, эл-юрт хизматида камарбаста бўлаётган эр кишиларни касаба уюшмаси номидан самимий қутлаб қоламиз!

“Андижон ҲЭТК” АЖ касаба уюшмаси қўмитаси

Print Friendly, PDF & Email