Муносиб меҳнатни таъминлашда касаба уюшма ёшларининг роли.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг ёш фаолларидан иборат делегацияси жорий йилнинг 20-21 июль кунлари Халқаро меҳнат ташкилоти ташаббуси билан Қирғизистон Республикасининг Чўлпон-Ота шаҳрида ташкил этилган “Келажакдаги меҳнат ва муносиб меҳнатни таъминлашда касаба уюшмалари ёшларининг роли” мавзусидаги минтақавий семинарда иштирок этди.
Семинарда Марказий Осиё мамлакатлари (Қирғизистон, Ўзбекистон, Қозоғистон ва Тожикистон) касаба уюшмалари ташкилотларининг 30 дан ортиқ ёш фаоллари қатнашдилар.
Келажакдаги меҳнат масаласи бўйича ХМТнинг Глобал комиссияси илгари сурган асосий вазифалар билан касаба уюшмалари ташкилотлари ёшлар вакилларини таништириш, ХМТнинг бандлик, муносиб меҳнат ва келажакдаги меҳнат тўғрисидаги тамойилларини қўллаб-қувватлашга қаратилган ПР-кампанияларни ўтказиш ва ташкил этиш техникаси бўйича иштирокчиларни ўқитиш, ёш ходимлар манфаатлари ва ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, шунингдек, уларни касаба уюшмалари ташкилотлари вакиллик органларига фаол жалб қилиш бўйича замонавий ахборот технологияларидан фойдаланиш кўникмаларини шакллантириш каби мақсадларда ташкил этилган ушбу минтақавий семинарда Ўзбекистон энергетика ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раисининг Ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Бобур Абдуллаев иштирок этиб қайтди.
Анжуманда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан олиб борилаётган ишлар ҳақидаги тақдимот семинар иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди.
Ўзбекистонда ёшлар учун берилаётган имтиёзлар, Президентимиз ташаббуслари билан ишлаб чиқилиб, ҳаётга татбиқ этилаётган 2017-2021 йилларда мамлакатни ривожлантириш бўйича ҳарактлар стратегияси ҳамда 5 та муҳим ташаббус бўйича иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.
Ўзбекистон касаба уюшмалари қошида, шунингдек, тармоқ ва ҳудудий касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаларида ёшлар бирлашмасининг ташкил этилгани, турли соҳаларда меҳнат қилаётган ҳамда таълим муассасаларида билим олаётган ёшларнинг касаба уюшма аъзолигига қабул қилингани, бу орқаоли уларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ҳимоя қилинаётгани, касаба уюшмаларига аъзо ёшлар сони ортиб бораётгани эътиборга молик жиҳатдан қайд этилди.
Семинарда иштирокчилар қуйидаги йўналишларда билим ва кўникмалар ошириб қайтдилар:
- келажакдаги меҳнат масаласи бўйича ХМТнинг Глобал комиссияси илгари сурган вазифаларни тарғиб қилишда касаба уюшмалари ёшларининг роли;
- меҳнат бозорида ёш ходимлар тўқнаш келадиган биринчи галдаги муаммоларни аниқлаш ва таҳлил қилиш;
- ПР-кампания вазифа ва мақсадларини аниқ ифода қилиш;
- ПР-кампанияга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш режасини ишлаб чиқиш;
- кампания учун шиорлар ва кўргазмали воситалар ишлаб чиқиш;
- ПР-кампанияга ОАВни жалб қилиш усуллари;
- ПР-кампанияни натижадор ўтказишда замонавий ахборот технологияларидан фойдаланиш.
Семинар давомида иштирокчилар Ўзбекистон касаба уюшмалари тизимида ёшлар билан ишлаш бўйича яратилган ўзига хос тизим ва механизмлар, касаба уюшмаларининг барча бўғинларида ёшлар масаласи билан шуғулланувчи тузилмалар фаолияти билан ҳам яқиндан танишиш имконига эга бўлишди.
Ушбу минтақавий семинар давомида қўшни мамлакатлар ёш касаба уюшма фаоллари билан фикр алмашиб, бошқалар тажрибасини ўрганиш билан бир қаторда ўз ютуқларимиз билан ўртоқлашдик.
Ўзбекистон энергетика ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши Ёшлар бирлашмаси раиси Б.Абдуллаев.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: