Энергетика тизими бир гуруҳ ходимлари тақдирландилар
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ўтказилган “Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!” деб номланган тадбирда ватанимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, унинг равнақи йўлидаги ишларда муносиб ҳисса қўшаётган, ишчи-ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, касаба уюшмалари нуфузини оширишда фаол иштирок этаётган, шунингдек бир қатор танловлар ва лойиҳалар бўйича ғолиб бўлганлар қаторида энергетика тизими бир гуруҳ ходимлари ҳам тақдирландилар. Шулардан “Талимаржон иссиқлик электр станцияси” унитар корхонаси касаба уюшма ташкилотининг раиси Анвар Аширов ва Ўзбекистон энергетика ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши бош бухгалтери Гулнора Абидовалар Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кенгашининг “Эҳтиром нишони” кўкрак нишони билан тақдирландилар.
“Йилнинг энг фаол ёш мутахассиси” танлов ғолиби деб топилган “Янги Ангрен иссиқлик электр станцияси” акциядорлик жамияти ишлаб чиқариш техник бўлими бошлиғи ўринбосари Азиз Рахмонов диплом ва ноутбук совғаси билан тақдирланди ҳамда ушбу корхона ходими Беҳзод Тожимуродовга касаба уюшмалари санаторийларидан бирига йўлланма топширилди. “Тахиатош иссиқлик электр станцияси” акциядорлик жамияти меҳнат муҳофазаси бўйича ёш мутахассиси Наргиза Худойбергенова меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлигини таъминлаш юзасидан ишларни энг яхши ташкил этган мутахассис номинацияси ғолиби бўлди.
Шунингдек, “Тошкент иссиқлик электр станцияси” унитар корхонаси тақсимлаш қурилмалари ва электр машиналарини таъмирлаш устаси Омонилла Хусанов ҳамда “Жиззах худудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти Зомин туман электр таъминоти корхонаси Тезкор диспетчерлик гуруҳи диспетчери Ибодулла Шомирзаевлар “Ўз касбининг моҳир эгалари” тадбири ғолиблари деб топилди. Барча ғолиб иштирокчилар Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашининг диплом ва қимматбаҳо совғалари билан тақдирландилар.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: